2015 йил декабрь ойида Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган 4-халқаро кўргазмада йигирмага яқин давлатдан келган ҳунармандлар ўз ижодий ишларини намойиш этди. Улар орасида ўзбекистонлик Жасур Жумаев ҳам бор эди. Унинг сомон санъати асосида ишланган "Кураш" ва "Шахмат" картиналари кўпчиликда қизиқиш уйғотди ва махсус сертификат билан тақдирланди.
Жасур Жумаев ҳар гал бирор ютуққа эришганида болалиги ва аччиқ хотираларини ёдга олади. Ўша пайтлари дунё кезиш тугул, кўчага чиқиш ҳам у учун орзу эди. Хасталиги сабаб ўзини ожиз ҳисобларди. Юртимизда ҳар бир инсонга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор туфайли Жасурнинг ҳаёти ҳам нурга тўлди. Ҳунари орқали кишиларга қувонч улашиб, юрт кезмоқда.
1984 йили Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Сижжак қишлоғида туғилган Жасур зиёли оилада камол топаётган соғлом бола эди. Тақдирнинг аччиқ қисмати сабаб 13 ёшида белидаги асаб томирлари шамоллаши оқибатида икки оёғи ишламай, ногиронлик аравачасига михланиб қолди...
Шу зайлда йиллар ўтди. 2004 йилдан Жасур сомон санъати сирларини ўргана бошлади. Ва шу йўналишда Отабек Йўлдошевга шогирд тушди. Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган ўқувчилар касб-ҳунар коллежининг компьютер ускуналари бўлимида таҳсил олди. Коллежда компьютер сирларини ўрганиш билан бирга, сомон санъати билан ҳам мунтазам шуғулланди. Бироқ уни ишончсизлик, тушкунлик кайфияти ҳеч тарк этмасди.
Ана шундай кунларнинг бирида дўстлари Жасурга Президентимизнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" асарини олиб келиб беришди. Китобни ўқиган ёш ҳунарманднинг ўзига бўлган ишончи ортди.
– Китобнинг "Энг буюк жасорат" деб номланган бўлимини кўзимда ёш билан ўқиб чиқдим, – дейди Ж.Жумаев. – Асарда энг буюк жасорат – бу маънавий жасоратдир, агар одам чин дилдан интилса, мақсадига албатта етиши ҳақида билдирилган фикрлар мен учун катта сабоқ бўлди. Шундан сўнг ҳунар сирларини эгаллашга қатъий аҳд қилдим.
Жасур сомон санъати сирларини сабр-матонат билан ўрганди. Ҳунар ўрганиш билан бирга, олий маълумотга эга бўлишга интилди. 2008 йил Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг амалий санъат факультетига ўқишга кирди. 2012-2014 йилларда тасвирий санъат факультетининг Мультфильм ва компьютер мультипликацияси мутахассислиги бўйича магистратура босқичида таҳсил олди. Институтни аъло баҳоларда тамомлаган ёш ҳунарманд олий ўқув юртининг "Йилнинг энг яхши магистранти” дипломи ҳамда олтин медаль билан тақдирланди.
Санъат олами кенг ва ранг-баранг. У эстетик завқманбаи бўлиб, ҳаётга гўзаллик бахш этиш, ҳаётни инсон орзу қилган қирраларда кўриш имконини беради. Жасур Жумаевнинг сомондан яратилган асарлари кишига эстетик завқ бериши билан бирга уни фикрлашга ундайди.
Президентимиз раҳнамолигида амалий санъатни ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ишлар ҳунармандга имкониятлар эшигини очди. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 30 мартдаги "Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
– Оддий сомондан санъат намуналарини яратиш учун жуда мураккаб ва нозик амалларни бажариш керак, – дейди Жасур. – Бунда асосан оқбош ўсимлиги поясидан фойдаланилади. Бунинг учун поя аввал сувда ивитилади. Маълум вақт ўтгач, у қайчи ёки пичоқёрдамида ўртасидан кесиб ёйилади, сўнг ички тарафидан эҳтиёткорлик билан дазмолланади. Текис ҳолатга келган сомонлар рангига қараб ажратилади ва яратилажак композиция учун керакли шаклда кесилиб, жойлаштириб чиқилади. Мана шундай жараёнлардан ўтган оддий сомондан бетакрор санъат асарлари яратилади.
Сомон санъати орқали яратилган асарлар, хусусан, эртак қаҳрамонлари образи, гўзал тарихий обидаларимиз, табиат манзаралари, давлат рамзлари кишининг маънавий оламини бойитиб, бадиий-эстетик завқ бағишлайди. Бу санъат билан шуғулланиш кишида, айниқса, ёшларда тиришқоқлик, чидам, қатъиятлилик хислатларини шакллантиришга хизмат қилади.
Ж.Жумаев бугунги кунда сомондан миллий урф-одатлар, фольклор намуналарини тасвирлаш билан бирга, янгиликлар яратиш устида изланмоқда. Одатда сомон санъатидаги расмлар фақат сомон рангида бўлади. Бироқ Жасур табиий усулда олинган ранглар ёрдамида сомонни бўяб, рангли картиналар яратмоқда. Ўндан зиёд рангда тасвирланган "Карвон" картинаси шулар сирасидандир. У яратган асарлар томошабинлар, санъатшунослар ва ижодкорлар томонидан эътироф этилмоқда. Унинг миллий характердаги кичик хажмдаги асарлари ва маҳобатли сомон иши намуналари нафа?ат юртимиз, балки ўнлаб давлатлардаги музейлардан жой олган. Ҳунарманд ўз ижод намуналари билан юртимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган фестиваль, танлов ва кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ж.Жумаев 2012 йили Президентимиз Ислом Каримов томонидан таъсис этилган "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан та?дирланган. Шу йили "Ташаббус" кўрик-танловида иштирок этиб, "Менинг юртим – менинг ифтихорим" номинациясида ғолибликни қўлга киритган.
Ҳунарманд ҳозирги кунда ўзи ҳам шогирдлар тайёрламоқда. Уларга сомон санъати сирларини ўргатиш баробарида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга фото санъати бўйича сабоқ бермоқда.
2015 йил ҳунарманд учун омадли йил бўлди. Президентимиз фармонига биноан Ж.Жумаев мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, фидокорона меҳнати, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги учун Ватанимизнинг юксак мукофоти – "Жасорат” медали билан тақдирланди. Шу билан бирга, "Эътироф – 2015" мукофотининг "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Ҳа, юртимизда ёшлар камолоти йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътибор Жасур сингари ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, мақсади сари интилиб, ҳаётдан завқланиб яшашига замин яратмоқда. Инсон қилган меҳнатидан роҳатланса, жамиятга наф келтирса, ўзини бахтлилар қаторида кўради. Зеро, ўз меҳнатларининг самарасини кўриш, халқимиз орасида эътирофга сазовор бўлиш энг катта бахтдир.
Uza.uz дан олинди.
Izohlar